Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни Андижон вилоятидаги «Садда таги» маҳалласида бўлиб, фаоллар билан учрашди, хонадонлардан бирида меҳмон бўлди.

Бу маҳаллада 3 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, бу ерда истиқомат қилаётган оилалар томорқадан унумли фойдаланмоқда. Кейинги йилларда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида паррандачилик, узумчилик, иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Шунингдек, маҳалла ҳудудида тикув корхонаси, озиқ-овқат дўконлари, устахоналар фаолият кўрсатмоқда.

андижон вилояти, ишсизлар сони, шавкат мирзиёев

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар мазкур маҳалла ҳаётида ҳам сезилмоқда. Ишсизлик даражаси пастлиги, шунингдек, ўтган йили бу ерда бирорта ҳам жиноят қайд этилмагани шундан далолат беради, — дейилади матбуот хизмати хабарида.

андижон вилояти, ишсизлар сони, шавкат мирзиёев

Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг ҳоким ёрдамчиси билан маҳалладаги ишсизлик даражасини муҳокама қилаётгани акс этган видеони эълон қилди.

Президент: Нечта ишсиз бор?

Ҳоким ёрдамчиси: 401 та ишсизни аниқлаганман. Сизнинг қарорингизга мувофиқ, 10 сотихли ерларни 100 нафар фуқарога ажратиб бердик, булар хурсанд. 114 нафарини доимий ишга жойладик. 62 нафарини ўзини ўзи банд қилиш йўналиши билан жойладик. 19 нафарига субсидиялар ажратиб берилди.

Президент: Қанча қолди (ишсиз)?

Ҳоким ёрдамчиси: Бугунги кунда 25 нафар ишсиз бор.

Аммо юқоридаги маълумотлар асосида математик ҳисоб-китобларни амалга оширсак, 106 нафар ишсиз қолган бўлиб чиқмоқда, бу эълон қилинган кўрсаткичдан 4,2 баробар кўп дегани.

Андижондаги ишсизлик кўрсаткичлари бўйича рақамлар биринчи марта савол туғдираётгани йўқ. Иқтисодчи, Жанубий Кореянинг Чонбук Миллий университети магистри Миркомил Холбоев аввалроқ 2023 йилда вилоятда 470 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилганига эътибор қаратган эди. Расмий статистик маълумотларга кўра, вилоятда ишсизларнинг умумий сони 139 минг кишини (меҳнатга лаёқатли аҳолининг 9,9 фоизини) ташкил этади.

«Жорий йилда яратиладиган ишчи ўринлари иш излаб юрганлар сонидан 3,4 баробарга кўпроқ. Агар иқтисодий нофаол аҳолини (меҳнат ресурслари таркибида лекин иқтисодий фаол аҳоли таркибида бўлмаганларни) қўшиб ҳисоблаганимизда ҳам, 2023 йилнинг сўнгига бориб Андижонда биронта ишсиз одам қолмаслиги керак», — дея таъкидлаган у.

Яратилиши режа қилинаётган ишчи ўринлари таркибида мавсумий ҳарактерга эга бўлган ишчи ўринлари ҳам мавжуд. Лекин мавсумий ҳарактерга эга бўлган ишчи ўринларини чиқариб ташлаган тақдирда ҳам, жорий йилда 195 мингта ишчи ўрни яратилиши керак.

Бу кўрсаткич ҳам ҳозирги ишсизлар сонидан (139 минг) сезиларли даражада юқори. Агар иқтисодий нофаол аҳоли таркининг бир қисми иш излашни бошлаган тақдирида ҳам, жорий йилда вилоятда ишсизлик бутунлай йўқолиб кетиши керак бўлади. Тўғри, баъзи мавжуд иш ўринлари йўқолиб, у ердан бўшаган инсонлар янги иш ўринларга кўчиб ўтиши мумкин, лекин шунда ҳам берилаётган рақамларни ҳеч бир соғлом мантиққа сиғдириб бўлмайди, — деб ёзган Миркомил Холбоев.

Унинг сўзларига кўра, реал ҳаёт билан қоғоздаги рақамлар узоқлашишда давом этмоқда.

«Мен ўйлайманки, бу кетишда худди эски даврдаги каби бериладиган рақамлар билан ҳақиқий ҳаёт ўртасидаги боғлиқлик бутунлай йўқолади», — дейди иқтисодчи.