Ўзгидромет хизмати берган шошилинч ахборотга кўра, 2−5 февраль кунлари Қамчиқ ва Тахтақорача довонларида қор ёғиб, яхмалак юзага келиши мумкин.

Келтирилишича, А-373 Тошкент-Ўш автойўлининг Қамчиқ довони худудида ва М-39 Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз автойўлининг Тахтақорача (Китоб) довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 15 — 20 м/с гача кучайиши, яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.

Шунингдек, 2−6 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг сезиларли ўзгаришлари сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида, жумладан:

  1. Қашқадарё вилояти: Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод туманларида;
  2. Сурхондарё вилояти: Қумқўрғон, Сариосиё, Узун, Бойсун туманларида;
  3. Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал туманларида;
  4. Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида ва Чотқол тизмасининг Чимён тоғларида;
  5. Наманган вилояти: Поп туманида;
  6. Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона туманларида қор кўчиш хавфи элон қилинди.

Аввалроқ январнинг охирги кунларидаги совуқ февраль бошида ҳам сақланиб туриши, бу ойда ёғингарчилик кўп бўлиши, баъзи жойларда ёмғир қорга айланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Февраль охиригача ҳарорат кечалари +2…−5 даражагача, кундузи +2…+17 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.