Ўзгидромет хизмати агентлиги февраль ойида кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини тақдим этди.

Тошкент, Жиззах вилоятлари ва республика жанубидаги айрим станцияларнинг кузатуви натижаларига кўра, январь ойида метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекордлари қайд этилди.

«Бу йил январь ойида ноодатий совуқ кузатилди. 2000-йилларнинг бошидан бери ушбу йилнинг январь ойидан фақат 2008 йил январь ойи умуман совуқроқ бўлди. Айрим ҳудудларда, хусусан, Тошкент шаҳрида энг совуқ кечаларда ҳаво ҳарорати кўрсаткичлари нафақат 2008 йилдагидан паст, балки сўнгги ярим асрдаги энг паст кўрсаткич бўлди», — дейилади хабарда.

Январь ойининг охирги кунларида совуқ аста-секин чекинди. Ушбу тенденция февраль ойининг бошида ҳам сақланиб туради. Республика ҳудудига Ўрта денгиз ҳудудларидан нам ва нисбатан илиқ ҳаво кириб келади.

Февраль ойининг биринчи ўн кунлигида ҳарорат асосан кечалари 0…+5 даража, баъзи жойларда -2 даражагача, кундуз кунлари +3…8 даражагача, баъзи жойларда +10…+12 даражагача, шимолда кечалари −3…−8 даража, кундуз кунлари +2…+7 даража атрофида бўлади.

Ўн кунлик нисбатан ёғингарчиликка бой бўлади. Республиканинг барча ҳудудлари бўйича вақти-вақти билан асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Баъзи жойларда қорга айланиши мумкин.

Кейинчалик — февраль ойининг охиригача ҳарорат кечалари +2…+7 даражадан −0…−5 даражагача, кундуз кунлари +2…+7 даражадан +12…+17 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Айрим кунларда республика бўйича баъзи жойларда қор ва ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади.