31 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Словакиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Виктор Борецкийни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Словакия дипломатик ваколатхона раҳбарининг ишонч ёрлиқлари нусхасини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бахтиёр Саидов элчини табриклаб, Ўзбекистон-Словакия муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида самарали фаолият ҳамда муваффақият тилади.

Музокаралар доирасида иқтисодий дипломатияни фаол ривожлантиришга ўзаро тайёрлик тасдиқланди. Таъкидланганидек, товар айирбошлаш кўрсаткичлари икки мамлакатнинг мавжуд иқтисодий имкониятлари, инсон ва ишлаб чиқариш ресурслари даражасига мувофиқ эмас. Шу нуқтаи назардан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Словакия идоралараро комиссиясининг мажлисини ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Элчи расмий Братислава Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим тузишни жадаллаштиришда қўллаб-қувватлашини билдирди.

Словакиянинг аввалги элчиси Ян Бори декабрь ойида Тошкентдаги дипломатик миссиясини якунлаган. У элчихонани беш йил бошқарган.