Президент Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни андижонликлар билан учрашувда мамлакатда энергетка тизими билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида гапирди.

Қайд этилишича, мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли ўсиши билан электр истеъмоли ҳам кундан-кунга ошмоқда. Сўнгги беш йилда юртимизда хонадонлар 1,2 млн тага кўпайди, корхоналар сони эса 260 мингтага етган. Булар электр энергиясига бўлган талабни 35 фоизга оширди. Хусусан, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида электрга талаб 40 фоизга кўпайган.

«Нима учун масъул раҳбарлар ўз ҳудудида етишмовчиликни қоплаш, «яшил энергия»ни жорий қилиш, тежамкорлик ҳақида ўйламаган?» — дея давлат раҳбари сўзларидан иқтибос келтирди Хушнудбек Худойбердиев.

Президент Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари мисолида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича қатор таклифларни билдирди.

Жумладан, жорий йил Поп ва Фарғона туманларида 600 Мегаваттли 2 та қуёш станцияси қурилиши режалаштирилган. Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микро гидроэлектр станция қуриш имконияти бор.

Давлат раҳбари йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, умуман, уларни электр билан ўзини ўзи таъминлашга ўтказиш кераклигини таъкидлади.

Ижтимоий объектларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Унга 200 млн доллар маблағ берилади. Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ҳамда бюджет корхонасига «яшил энергия» сотади. Шунингдек, ижтимоий объектлардаги 3 мингта эскирган қозонларни замонавий ускунага алмаштириш зарурлиги қайд этилди.

Хусусан, қуёш ва шамол электр стансиялари соҳасида йирик лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш зарур, деди у. 2023 йилда Поп ва Фарғона туманларида 600 МВт қувватга эга иккита қуёш электр станциясини қуриш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Янги Андижон шаҳарчасидаги 192 та кўп қаватли уй ва 6 та ижтимоий объектни кафолатланган иссиқлик билан таъминлаш учун қуввати 20 МВт бўлган кўмирда ишлайдиган когенерация ускуналарини ўрнатиш белгиланган. Унга кўра, мазкур станция иссиқлик билан бирга йилига 80 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Биринчи босқичнинг ишга туширилиши жорий йилнинг декабрь ойида кутилмоқда.

Президент Фарғона водийси ҳудудларида қуввати 160 МВт бўлган қуёш панеллари ва 100 микро ГЭСлар қурилишини ҳам маълум қилди.

1 июлга қадар тадбиркорлар жалб этилиб, Андижонда 41 та, Наманганда 32 та, Фарғонада 27 та микро ГЭС қурилиши бошланади.

Бу ишларни тўғри йўлга қўйиш ва масалаларни ҳал этиш учун вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари масъул бўлади. Улар бошқа барча ишлардан озод қилинади. Уларга республика банклари раҳбарлари ҳам бириктирилади.

Шавкат Мирзиёев давлат сектори объектларида «Қуёш энергиясидан фойдаланиш» алоҳида корхонаси ташкил этилишини маълум қилди. Унга 200 млн доллар ажратилади. Қуёш панеллари ва сув иситгичларини ўзи ўрнатиб, «яшил энергия»ни давлат корхонасига сотади.

Хабар қилинишича, тадбиркорларга ушбу соҳанинг рентабеллигини тушунтириш, уларни «яшил» лойиҳаларга жалб этиш режалаштирилган. Хусусан, кичик ўлчамли қуёш батареясидан олинадиган 1 кВт/соат электр энергиясининг ўртача нархи 450 сўм бўлиб, уни бюджет ташкилотига 800 сўмдан сотиш мумкин, дейилади йиғилишда.

Водийнинг 1408 та йирик корхонасини ҳам тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказиш режалаштирилган. Бу вилоятлар ҳокимлари, Энергетика вазирлиги ва соҳа раҳбарлари учун устувор вазифага айланиши керак, деб ҳисоблайди президент.

Ўзбекистон саноат корхоналарида қуёш панеллари ўрнатиш ва кичик стансиялар қуриш учун халқаро молия ташкилотларидан 2 млрд доллар жалб қилмоқчи.

Аҳолини рағбатлантириш мақсадида «Қуёш энергиясидан фойдаланишнинг жозибадор тизими»ни яратиш таклиф этилмоқда.

Фарғона водийсидаги уйларида қуёш батареялари ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқарган ва уни давлат тармоқларига сотган аҳолига ҳар бир кВт/соат учун 1000 сўмдан (ҳозир 295 сўмдан) тўланади.

Шавкат Мирзиёев барча ижтимоий соҳа объектларидаги 3 мингта эски қозонни замонавий жиҳозларга алмаштириш зарурлигини таъкидлади. Жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Давлат раҳбари, шунингдек, йилига 120 млн куб метр газ истеъмол қиладиган 170 та иссиқхона хўжалиги ва 64 та ғишт ишлаб чиқарувчи корхонани кўмирга ўтказишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.