17 январь куни соат 20:15 атрофида Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Ўзбекистон — Ўрта овул темирйўл бекатлари оралиғида поезд 59 ёшли эркакни уриб юборди. Бу ҳақда «Миллар» информацион дастурида маълум қилинди.

Марҳум эркак темирйўл панжараларидан ошиб ўтиб, темирйўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтмоқчи бўлган. Шу пайт йўловчи поезди фуқарони уриб юборган ва 59 ёшли фуқаро воқеа жойида вафот этган.

Ўрганишлар давомида марҳум ўзи ёлғиз яшагани, қолаверса 10 йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда тургани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Тошкент транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.