2022 йил 20 декабрдан Наманган шаҳри ва вилоят туманларида Sergek жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ақлли тизими ишга туширилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

26 та аппарат-дастурий комплекс вилоят шаҳар ва туманларининг 13 та участкасида йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишини қайд этади. Хусусан, тизим тезлик меъёридан ошиб кетиши, тақиқланган светофор сигналида ҳаракатланиш, йўл белгиларига риоя қилмаслик, тўхташ коидаларини бузиш кабиларни аниқлайди.

Дастурий таъминот махсус алгоритмлардан фойдаланган ҳолда қоидабузарликни аниқлайди, шундан сўнг ички ишлар бошқармасининг ваколатли инспектори ушбу фактни текширади ва электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.

Наманган аҳолиси регламент протоколини КААТ маъмурий амалиёти веб-сайтида ва иккинчи даражали банкларнинг мобил иловаларида юклаб олишлари мумкин. Қоидабузарликлар тўғрисида билдиришномалар мобил қурилмаларга SMS-хабарлар шаклида ҳам қабул қилинади.

sergek, наманган

Маълумот ўрнида, Sergek — Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ сертификатланган, Қозоғистон республикаси IT-мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминот бўлиб, Қозоғистон пойтахтида 2017 йилдан бери ишлайди.

Тизими ишга тушган биринчи йилда Остона шахрида йўл-транспорт ҳодисалари ўлим сони 43 фоизга камайган. Олмаота шахрида 3 йилда 138 дан 81 гача, Чимкентда шахрида эса 2 йилда 57 дан 38 гача камайиши кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси баёни билан Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланганди.

sergek, наманган