Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир бўлган ўткир заҳарланиш ҳолати бўйича тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

25 январь куни бемор Б.Б.нинг оғзаки кўрсатмасига кўра тушликда укаси М.А. билан бирга уйига яқин жойдаги озиқ-овқат дўконидан тез тайёрланадиган лапша маҳсулотини сотиб олиб, тайёрлаб истеъмол қилишган. Лапша маҳсулотини тайёрлаш жараёнида маҳсулотда айниш белгилари, ўзга ёт ҳид ва таъм сезилмаган.

Ўша куни 17:00 — 18:00 атрофида Б.Б. уйида 1−1,5 йилдан буён сақланиб турган, номи ва ишлаб чиқарувчиси ҳамда сотиб олган жойи номаълум 500 граммга яқин целофан пакетда сақланиб турган, кукин кўринишидаги кемирувчиларга қарши дори билан уй атрофи, ошхона ва битта хонага сепиб чиққан. Кемирувчиларга қарши дорини сепиш вақти ва сепганидан сўнг хоналарда ўткир ҳид сезилган.

26 январь куни соат М.А. 7:00—8:00 атрофида, Б.Б соат 9:30—10:00 атрофида қайд қила бошлаган. Белгилар ўтиб кетмагандан сўнг тушлик вақтида тез ёрдам чақирилган. Лекин ота-онаси томонидан уйда даволаниш маъқул кўрилган.

М.А. ва Б.Б. қайд қилишга қарши дорилар қабул қилишган. Ўша куни тунги соат 23:00—24:00 атрофида М.А. ва Б.Б.лар такрорий қайд қила бошлашган. 27 январь куни соат 6:00—7:00 атрофида «Тез ёрдам» чақириб, Республика болалар юқумли касалликлар шифохонасига юборилган.

«Бироқ беморларнинг касаллик белгилари юқумли касалликлардан бўлмагани сабабли Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига юборилган. Шифокорлар томонидан беморларга „фосфорорганик бирикмалардан ўткир заҳарланишнинг оғир ва ўрта оғир даражаси“ бирламчи ташхиси қўйилган», — дейилади хабарда.

М.А. келгандаги аҳволи оғир ҳолатда, реанимацион чора-тадбирлар олиб борилишига қарамасдан беморда 27 январь соат 09:24 да биологик ўлим қайд қилинган. Фуқаро Б.Б нинг аҳволи қониқарли бўлиб, соғлиги шифокорлар назоратига олинган.

Вазирлик юқоридаги ҳолат бўйича такрорий мурожаатлар бўлмагани ва профилактик ишлар давом эттирилаётганини маълум қилди.