30 январь, душанба куни Покистоннинг Пешовар шаҳридаги масжидда содир этилган портлашда 28 киши ҳалок бўлди, 150 дан ортиқ одам жароҳат олди, дея хабар берди маҳаллий Geo News телеканали.

Расмийларга кўра, худкушлик қилган шахс намоз вақтида олд қаторда бўлган ва ўзини портлатиб, ўнлаб одамларни жароҳатлаган. Шаҳар комиссари ўринбосари Шафи Уллоҳ Хон худкушлик ҳужуми оқибатида 28 киши ҳалок бўлиб, камида 150 киши жароҳатланганини тасдиқлади.

Жароҳатланганлар Пешовардаги Lady Reading касалхонасига ётқизилган. Шифохона фуқароларни жабрланганлар учун қон топширишга чақирган.

Фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Пешовардаги барча касалхоналарда шошилинч тиббий ёрдам жорий қилинди. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар ходимларига қутқарув ишларини тезлаштириш буюрилди.

«Давлат соғлиқни сақлаш муассасалари, шу жумладан, Пешоварда жойлашган касалхоналардаги барча шифокорлар ва ёрдамчи ходимларга фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун кейинги буйруқларга шай туриш бўйича кўрсатма берилди», — дейилади хабарда.

Гувоҳлар кўрсатмаси

Воқеа гувоҳларидан бири оммавий ахборот воситаларига портлаш содир бўлган пайтда масжидга кетаётганини билдирди. «Бу кучли портлаш эди. Шундан кейин ҳамма жойни тутун қоплади», — деди гувоҳ. У ҳушига келганида масжид томи қулаб тушганини қўшимча қилди.

«Ҳодиса содир бўлган пайтда масжидда камида 120 киши бўлган. Бу — худкушлик, чунки портлаш масжиднинг ички ҳовлисида бўлди. Воқеа чоғида одамлар намоз ўқишни эндигина бошлаганди. Жароҳат олганларнинг кўпчилиги полициячилар», — дейди у.

Бош вазир Шеҳбаз Шариф портлашни кескин қоралаб, масжид ичидаги ҳужумда иштирок этганларнинг «исломга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» исботлашини қўшимча қилди ва халқни кескин чоралар кўришга ишонтирди.