Сурхондарё вилояти Термиз автомобиль мактабида 46 нафар афғонистонлик фуқаро «Б» тоифаси бўйича ҳайдовчиликка ўқитилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти.

Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси асосида ўқиган хорижликларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Юқоридаги лойиҳа асосида Термиз туманида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида яна 35 нафар афғонистонлик тикувчилик касбига тайёрланди.

Тадбирда иштирок этган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Матильда Димовска ушбу амалиёт Афғонистондаги қайта тиклаш ишларига кўрсатилаётган ёрдамлардан бири эканини, Ўзбекистонда яна кўплаб афғонистонликларни турли касбларга тайёрлаш ишлари давом эттирилишини билдирди.

Шарлотта Адриан ўзбекистонлик мутасаддиларга келгусида афғонистонлик аёлларни ҳамширалик иши бўйича ўқитиш таклифини билдирди.

афғонистонликлар, бмт, ватанпарвар, европа иттифоқи, термиз