Ижтимоий тармоқларда «Келесдаги масжид имоми Авазхўжа Баҳромов араб тилини ўрганаётган 16 ёшли қизчалар билан қандай гаплашмоқда?» номли аудио ёзув тарқалди. Унда масжид имоми эканлиги айтилган Авазхўжа Баҳромовнинг ёш қизга нисбатан бир қанча одамлар ичида таҳдид оҳангида айтган гапларини эшитиш мумкин.

«Сенга ким қўйибди қайси устоз қайси устоздан кучлилигини? Тонадиган бўлсанг, башарангни олдига олиб келиб қўяман кимга гапирганингни. Сенга ким қўйибди? Бировнинг ўқув марказида ким нима қилди, сени ишингми шу? Мен сенга рўбаро қилиб қўяман ким гапирганини? Кеча рўпарамга келганингда бошингни аквариумга тиқмоқчи эдим, кеча жаҳлим чиқиб келгандим. Ўзимни сал босволдим бугун. Сўйиб ташлайман мен сени, юрагингни суғириб, қўлингга олиб бераман, тушундингми?» — деган у.

Салкам 4 дақиқали аудио ёзувда имом-хатиб админстратор қизга бир неча марта «юрагини суғириб олишини» такрорлаган.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур аудио бўйича Мусулмонлар идораси муносабат билдирди. Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромовнинг араб тили курсидаги хатти-ҳаракатлари 28 январь куни Мусулмонлар идораси Ички назорат комиссияси йиғилишида кўриб чиқилган.

«️Йиғилишда имом-хатибнинг мазкур ҳолати имомлик мақомига мутлақо тўғри келмаслигига алоҳида урғу қаратилди. Айниқса, ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган „фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиш“, ва „ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриш“ деган бандларнинг А.Баҳромов томонидан қўпол равишда бузилиши, деб баҳоланди. Шунингдек, А.Баҳромов араб тили ўқув курсларида дарс бериши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасини белгиланган тартибда хабардор этмагани ҳам алоҳида қайд этилди», — дейилади ахборотда.

Қайд этилишича, Мусулмонлар идораси диний соҳа ходимларининг жамиятда ўзини тутиши, одамлар билан муносабатда намуна кўрсатиши, имомлик мақомига муносиб бўлиши борасида мунтазам тушунтириш ишларини олиб боради. Шунингдек, идора томонидан аввал ижрога йўналтирилган норматив ҳужжатларда ҳам имом-хатиб тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга амал қилиши ва меҳнат мажбуриятларига риоя этиши қатъий белгилаб қўйилган.

«Афсуски, Авазхўжа Баҳромов мазкур хатти-ҳаракати билан меъёрий ҳужжатлар талабларини қўпол равишда бузиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур йўналишдаги буйруқлари, ички тартиб-қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига риоя этмагани маълум бўлди», — дейилади идора баёнотида.

Маълум қилинишича, Ички назорат комиссияси Авазхўжа Баҳромовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида хулоса қилган. Шунингдек, бундай шахсларга Мусулмонлар идораси тизимида ўрин йўқлиги таъкидланган.

«Айни кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Авазхўжа Баҳромовнинг мазкур хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан иш олиб бораётганини маълум қиламиз», — дейилади ахборотда.

Аввалроқ Тошкентнинг Учтепа туманидаги «Азиз ота» жоме масжиди имом ноиби Воҳидов Мирсобит ижтимоий тармоқ орқали «самосуд»ни ёқлаб чиқиш қилгани учун ишдан олинган эди. Ўшанда Мусулмонлар идораси амалдаги қонунларга зид равишда зўравонликка чақирувчи бу каби чиқишларни қоралаганди.