Мусулмонлар идораси Тошкентнинг Учтепа туманидаги «Азиз ота» жоме масжиди имом ноиби Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқ орқали кескин чиқиши юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, тегишли ҳужжатларда тизимда фаолият юритувчи ходимларга ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатмаслик, нохолис ва салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талаблари белгилаб қўйилган.

«Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқ орқали имомлик мақоми ва амалдаги қонун-қоидаларга эътибор қилмай, гўёки Ислом дини „самосуд“ қилишга чақириши тўғрисидаги қарашлари эса аслида динимиз таълимотига зид ва воқеликка нисбатан Мусулмонлари идораси муносабатини ифода этмайди», — дейилади муносабатда.

Диний идора фуқароларни амалдаги қонунларга зид равишда зўравонликка чақирувчи ҳар қандай чиқишларни қатъий қоралашини маълум қилди.

Шунингдек, имом хатиб ва ноиб имомларни қонунчилик талабларига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлишга ва тўла риоя этишга чақирди.

Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқиши Мусулмонлар идораси ҳузуридаги Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, идоранинг 19 сентябрдаги буйруғи билан Воҳидов Мирсобит билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди ҳамда уни эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Бундан ташқари, барча имом-хатиб ва имом ноибларга юқоридаги ҳужжатлар талабларига қатъий амал қилиш бўйича кўрсатма хати жойлардаги вакилликларга йўлланди.