Наманган вилоятидаги Норин дарёсининг чап қирғоғи емирилгани хабар қилинди. Бошқарма берган янги тафсилотларга кўра, ҳозирда бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев бошчилигида дарёнинг емирилган қисмида қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Таъмирлаш ишларига ФВДТга кирувчи вазирлик ва идораларнинг 381 нафар ишчи ва ходими, 112 та махсус техника воситалари жалб этилган. Айни вақтда сув тошқинларининг олдини олиш ҳамда емирилган дамба қирғоқларини мустаҳкамлаш учун 990 метр куб харсангтош ва 765 метр куб шағал ётқизиб чиқилди.

Вазият назоратга олинган ва дамбани мустаҳкамлаш учун зарур бўлган барча воситалар етказиб берилмоқда, дейилади хабарда.