Дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича совуқ антициклон перифериясининг таъсири аста-секин кучсизланиши давом этади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати.

Республиканинг барча ҳудудлари бўйича асосан кам булутли, ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Жойларда туман тушиши кузатилади. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши нотекис бўлади.

Жума куни кундузи республиканинг катта қисмида ҳарорат 0…+5 даража атрофида, Сурхондарё вилоятида +7…+10 даражагача бўлади. Аммо Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида −2…−4 даража совуқ атрофида бўлиши сақланиб туради.

Дам олиш кунлари республика бўйича ҳаво массасининг аста-секин исиши давом этади. Ҳарорат кечалари −3…−8 даража, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида −10…−12 даража атрофида бўлади. Кундуз кунлари ҳарорат +2…+7 даражагача, Сурхондарё вилоятида +10 даражагача бўлади.

Пойтахтда дам олиш кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати бугун кундузи аста-секин +2…+4 даражагача, якшанба куни +5…+7 даражагача кўтарилади. Кечалари −3…−5 даража бўлади.