Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Tashkent Index`даги талабалар айрим олий таълим муассасалари томонидан ётоқхоналарга кўчирилгани ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинаётганини билдирди.

2022−2023 ўқув йили бошида Tashkent Index савдо мажмуасида талабалар вақтинча туриши учун шароит яратилганди. Ўтган давр мобайнида аксарият олий таълим муассасалари томонидан талабалар турар жойларида қўшимча ётоқ ўринлари яратилиб, кўчиш истагини билдирган талабалар кўчириб ўтказилди.

Шу кунларда совуқ ҳаво ҳароратида мажмуа етарли шароитга эга эмаслиги боис кўчириш ишлари олий ўқув юртлари талабалар турар жойларида кўпроқ қўшимча бўш ўринлари яратилиши, аксариятида янги ётоқхоналар барпо этилиши ҳисобига янада жадаллашди. Бунда Tashkent Index`да қолишни хоҳловчи талабалар мажбуран чиқариб юборилишига йўл қўйилмайди, — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида икки қаватли ётоқ ўрни ташкил этиш ҳисобига қўшимча 139 ўринли, Тошкент давлат педагогика университети томонидан Оқтепа педагогика коллежи талабалар турар жойида янги 300 ўринли жой яратилган. Шу каби бошқа олий таълим муассасалари ҳам ҳозирда ички имкониятдан келиб чиқиб, қўшимча ўринлар ҳозирлаган. Бундан ташқари, Тошкент давлат стоматология институтида 400 ўринга мўлжалланган янги ётоқхона қуриб, фойдаланишга топширилди.

Аввалроқ «Газета.uz» Янгиҳаёт туманида жойлашган Tashkent Index мажмуасидан фоторепортаж тайёрлаган эди. Мажмуа Тошкентда ётоқхона муаммосига дуч келган талабалар учун мўлжаллган бўлиб, 10 минг ўринга эга экани, эҳтиёжга қараб жой 20 мингтагача кўпайтирилиши маълум қилинганди.