26 январь куни Гулистон шаҳри «Намуна» МФЙ Ал-Хоразмий кўчасидаги хонадонда тахминан ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ ҳодиса содир бўлди, деб хабар берди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати.

Келтирилишича, ҳодиса оқибатида ёнғин содир бўлмаган, аммо хонадон ошхонасининг кириш эшиги ва деразаси қисман шикастланган ҳамда 1 нафар фуқаро жароҳат олиб, шифохонага юборилган.

Ҳозирда ҳодиса сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Фуқаролардан хонадонларни иситишда хавфсизлик талабларига риоя этишлари ҳамда газ мосламаларини эътиборсиз қолдирмасликлари сўралган.

Аввалроқ вилоятнинг Боёвут туманидаги уйларнинг бирида газ портлаши оқибатида ёнғин содир бўлганди. Ҳодиса сабаб 2 киши жароҳат олиб, касалхонага юборилган.