27 январь куни Бишкекдаги «Ала-Арча» давлат қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қирғизистон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз ва вақт билан синалган дўстимиздир, — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида давлат раҳбарлари ҳузурида 20 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар алмашинилди. Жумладан, Жиззах вилояти билан Иссиқкўл вилояти, Андижон вилояти билан Ўш вилояти, Фарғона вилояти билан Боткен вилояти ҳамда Наманган вилояти билан Жалолобод вилояти ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича комплекс дастурлар имзоланди.

қирғиз-ўзбек чегараси, қирғизистон

«Биз ҳар бир масалани ҳар томонлама пухта, шошилмасдан кўриб чиқдик. Ва бизда энди ҳеч қандай муаммоли саволлар йўқ. Қирғизистон ва Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йили давомида тарихда биринчи марта бундай даражадаги муносабатларга эришди. Ҳамкасбим Садир Нургожаевичга шахсан қўллаб-қувватлагани учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман», — деди Ўзбекистон раҳбари.

«Чегара масалаларида ҳам унинг сиёсий иродаси бўлмаганида, натижага эришмаган бўлардик. Худди аввалгидек: „Ҳа, қиламиз, лекин эртага ва индинга…“ дейиш мумкин эди. Аммо „эртага“ дейиш билан 30 йил ўтди ва биз бу масалаларни ҳал қилганимиз йўқ. Шунинг учун, айниқса, Қирғизистон президентига яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман», — таъкидлади президент.

Cадир Жапаров, ўз навбатида, қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш якунланаётганини билдирди.

қирғиз-ўзбек чегараси, қирғизистон

«Қирғизистон қардош Ўзбекистон билан яхши қўшничилик руҳидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Биз учун Ўзбекистон ҳақиқий дўст ва ишончли стратегик шерикдир. Анъанага кўра, учрашув очиқ ва дўстона руҳда ўтади. Мамлакатларимиз ўртасида сиёсий қарама-қаршиликлар йўқ. Бугун биз қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилишни якунлаяпмиз. Бу ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа. Биз мулоқотга ва ўзаро мақбул ечимларни излашга тайёрлигимизни намойиш этдик. Ишончим комилки, чегаралар масаласига чек қўйиб, биз келажак авлодларимиз камолотига мустаҳкам пойдевор қўямиз», — деди Жапаров.

қирғиз-ўзбек чегараси, қирғизистон

«Муҳтарам Шавкат Миромонович, қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш бўйича муҳим масалаларни ҳал этишда Сизнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини қайд этмоқчиман. Давлат ташрифи доирасида шартномани ратификация ёрлиқларини алмашиш орқали бундай муҳим воқеа таъминланиши алоҳида эътиборга молик. Шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолаймиз ва шу орқали муносабатларимизни мисли кўрилмаган даражага олиб чиқамиз», — деди Садир Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида Қирғизистон парламенти қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ва Кампир-обод (Андижон) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни маъқуллаганди. Ҳужжатлар Ўзбекистон томонидан ҳам ратификация қилинган.