Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 январь куни рафиқаси билан бирга давлат ташрифи юзасидан Бишкек шаҳрига келди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, икки мамлакатнинг давлат байроқлари билан безатилган «Манас» халқаро аэропортида меҳмонларни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва унинг рафиқаси кутиб олди.

шавкат мирзиёев, қирғизистонга ташриф

У ерда давлат раҳбарларига Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги дўстликни акс эттирувчи мусиқий-фольклор чиқишлар намойиш этилди. Сўнг Мирзиёев Қирғизистон бош вазири Акилбек Жапаров ҳамроҳлигида «Ата-Бейит» миллий тарихий-ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.

Давлат раҳбари 1916 йилги фожиали воқеаларнинг қурбонлари хотирасига бағишланган «Уркун» ёдгорлиги пойига гул қўйди.

Мажмуа 2000 йилда қирғиз давлатчилигининг энг муҳим босқичлари ҳақидаги тарихий хотирани тиклаш ва асраб-авайлаш мақсадида ташкил этилган. Қирғиз халқининг улуғ ёзувчиси Чингиз Айтматов таклифи билан ёдгорликка «Ата-Бейит» — «Оталар қабри» деган ном берилган.

Маълумот учун, давлат ташрифининг асосий тадбирлари 27 январь куни бўлиб ўтади.