Германия Украинага Leopard 2 асосий жанговар танкларини юборади ва уларни ҳамкор давлатлардан етказиб беришга рухсат беради, дейилади Германия ҳукумати сайтидаги расмий баёнотда.

Мақсад — Украина учун Leopard 2 автомашиналаридан тезда иккита танк баталонини йиғиш. Биринчи қадам сифатида Германия танк компанияси учун Бундесвер захираларидан 14 та Leopard 2 А6 бирликларини беради.

«Украинага Leopard 2 танкларини етказиб бериш тўғрисидаги қарор бизнинг Украинани қўлимиздан келганча қўллаб-қувватлаш бўйича таниқли йўналишимизга амал қилади», — деди Германия канцлери Олаф Шольц.

Германия, шунингдек, украиналик экипажларни ўқитади, ўқ-дориларни етказиб беради ҳамда логистик ва техник хизмат кўрсатади.

ABC телеканали хабарига кўра, яна 100 га яқин бу танкларни Украинага 12 иттифоқчи давлат, жумладан Дания, Испания, Нидерландия, Польша ва Финляндия ҳам етказиб беришга тайёр.

Европа давлатлари томонидан Украинага танк етказиб бериш ҳақидаги мунозаралар бир неча ой давом этди. Украина бош вазири Денис Шмигал биринчи марта 2022 йил сентябрь ойида Германияга жанговар танкларни етказиб бериш илтимоси билан мурожаат қилди. Бироқ Олаф Шольц бу илтимосни рад этганди.

Германияда улар ўз позицияларини Россиянинг Украинага қарши урушининг кучайиши таҳдиди ва Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласида халқаро мувофиқлаштириш зарурати билан боғлашга мажбур бўлганликлари билан изоҳладилар, деб ёзади Deutsche Welle. Германия канцлери бу позицияси учун бир неча бор танқид қилинди.

Россия Германиянинг Украинага танклар етказиб беришини можаронинг янада хавфли даражага кўтарилиши деб атади. «Ушбу ўта хавфли қарор можарони янги қарама-қаршилик даражасига олиб чиқади ва немис сиёсатчиларининг ГФРнинг унга аралашишни истамаслиги ҳақидаги баёнотларига зиддир», — деди Россиянинг Германиядаги элчиси Сергей Нечаев.

Декабрда Украина Қуролли Кучлари (УКК) бош қўмондони Валерий Залужний Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларини озод қилиш ва ўтган йилнинг февралидаги чегараларига етиб бориш учун УККга 300 та танк, 600−700 та БМП ва 500 та гаубица керак бўлишини айтганди.