Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси АИ-80 маркали бензинини бошқа,юқорироқ маркали бензин деб сотиш ҳамда кам қуйиб бериш ҳолатлари аниқланганини маълум қилди.

Қўмита маълумотларига кўра, турли ҳудудларида хусусий корхоналарга қарашли 23 та ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган ёнилғи сифатини аниқлаш мақсадида назорат харидлари ўтказилди. Шунингдек, белгиланган ҳажмдан кам ҳажмларда бензин маҳсулотини қуйиб бериш ҳолатлари ҳам ўрганилди.

Ўтказилган ўрганишлар давомида ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 маркали бензинни АИ-91 ёки АИ-92 маркаси остида сотиш ҳолатлари аниқланган. Етказилган зарар миқдори қарийб 489 миллион сўмни ташкил этди. Айни пайтда Қўмита томонидан истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва қайта ҳисоб-китоб қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Қўмита айрим қоидабузарлар номини тилга олди: учта АЁҚШ Самарқанд вилоятида (Triada Ekspress Servis, Turop Godir, Muxammad Neft Oil) ва тўртта Сирдарё вилоятида (Said AGSM Tex Servis, Bekzod-5″, Murod Maqsad Trans, Lux-Petrol).

Шунингдек, қўмита томонидан биржа ауктсионларида харид қилинган ва ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали сотилаётган АИ-80 маркали бензин сотилишини тизимли ўрганиб чиқилаётганини ҳам алоҳида таъкидлади.

Шу тариқа, йил бошидан буён биржа савдолари орқали ўртача 20 тонна, жами 5,2 минг тонна нефть маҳсулотлари харид қилинганига қарамай, 241 та ёнилғи қуйиш шохобчасида истеъмолчиларга бензин сотилмагани аниқланган. Яъни сунъий ажиотаж ҳолати вужудга келтирилмоқда. Ўрганишлар натижалари бўйича материаллар зарур чоралар кўрилиши учун Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспексиясига тақдим этилди.

23 январь куни Энергетика вазирлиги йил бошидан буён 109 та ёқилғи қуйиш шохобчасида турли қонунбузарликлар (нархларни асоссиз ошириб юбориш, камомад, сифациз маҳсулот сотиш, тўлдириш ва бошқа ҳолатлар) аниқлангани, шу сабабли камчиликлар бартараф этилгунга қадар уларнинг биржа савдоларида иштирок этиши чеклангани ҳақида хабар берган эди.