Ўзбекистон автомобиль бозорида фаоллик декабрь ойида сезиларли пасайишига қарамай, 2022 йилда уларнинг умумий савдоси рекорд даражада ўсишни кўрсатди, дея хабар бермоқда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.

Декабрь ойида ўтган йилнинг бошида бошланган савдонинг ўсиш тенденцияси тўхтади. Бироқ 2022 йилнинг сўнгги ойидаги фаоликнинг пасайишига қарамай, автомобилларга талаб анча юқорилигича қолмоқда. Йил давомида сотувлар сони рекорд даражада (87 фоизга) ўсди ва 1,4 миллионта автотранспорт воситасини ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 2 баравар кўп.

Декабрь ойида сотилган автомобилларнинг умумий сони ноябрь ойига нисбатан 32 фоизга камайган ҳолда 107 мингтадан ошди. UzAuto Motors томонидан Chevrolet Lacetti, Cobalt, Damas ва Labo автомобиллари билан шартнома тузишнинг вақтинча тўхтатилиши автомобиль бозоридаги фаолликни пасайтирувчи омиллардан бири бўлди.

автобозор, итим
Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши

Бирламчи ва иккиламчи автомобиль бозоридаги вазият

Декабрь ойи бирламчи автомобиль бозорида сотувларнинг сезиларли даражада камайиши билан ажралиб турди, бир ой ичида рўйхатга олинган автотранспорт воситалари сони 50 фоизга камайди. Шу билан бирга, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан пасайиш деярли 40 фоизни ташкил этди.

автобозор, итим
Бирламчи ва иккиламчи автомобиль бозори (2021−2022)

2022 йилнинг декабрь ойида иккиламчи бозорда 91 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси сотилди, бу олдинги ойга нисбатан 28 фоизга кам. Иккиламчи бозорда 1,1 миллионта автотранспорт воситаси сотилди, бу 2021 йилга нисбатан 2,4 баравар кўп.

2022 йилнинг декабрь ойида маҳаллий брендларнинг янги енгил автомобиллари савдоси 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга камайган ҳолда 13,4 мингтани ташкил этди.

автобозор, итим
Маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси улуши

Декабрь ойида чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобилларнинг сотуви сезиларли даражада (53 фоизга) камайди ва 1,4 мингтани ташкил этди, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан пасайиш 43 фоизни ташкил этди.

2022 йилда маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдосининг ўсиши 268 мингтадан ошди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 49 фоизга кўпдир. Умуман олганда, йил давомида Ўзбекистон янги хорижий автомобиллар бозори 35 фоизга ўсиб, 18,4 минг донани ташкил этди.