23 январь куни Олмаотада илгари McDonald’s бренди остида ишлаган ресторанлар қайта очилди, деб ёзмоқда Қозоғистон ОАВлари.

Ресторанларга эгалик қилувчи Food Solutions KZ бош директори Асет Машановнинг айтишича, барча шаҳарларда ресторанлар аста-секин очилади. Ёпилишдан олдин компания мамлакатнинг 6 шаҳрида 20 дан ортиқ McDonald’s ресторанларига эга эди.

Пешлавҳаларга «Биз очиқмиз» (рус тилида бўлиши керак — таҳ.) деб ёзилган бўлиб, бунда аввалги логотипни эслатувчи «М» ҳарфи сариқ рангга бўялган. Тармоқ номи тез орада тақдим этилади.

Интернетдаги фотосуратлар ва хабарларга қараганда, ассортимент ўзгаришсиз қолган, аммо пакетларда компания номи йўқ. Фойдаланувчиларнинг хабар беришича, овқатларнинг таъми ўзгармаган.

Ёпилиш вақтида ишлайдиган барча ресторан ходимлари ўз иш жойлари, маошлари ва бошқа меҳнат шароитларини тўлиқ сақлаб қоладилар, деб ишонтирди компания.

McDonald’s Қозоғистонда 2016 йилнинг март ойидан бери мавжуд. 5 январь куни компания котлет учун гўштни Россиядан етказиб бериш тақиқлаши ортидан келиб чиққан муаммолар туфайли бренд мамлакатдаги фаолиятини тўхтатаётганини маълум қилган эди.