Қозоғистонда Food Solutions KZ компанияси томонидан бошқариладиган тезкор овқатланиш ресторанлари тармоғи етказиб бериш чекловлари туфайли McDonald’s бренди остида ўз фаолиятини тўхтатди, деб хабар берди McDonald’s`нинг Қозоғистондаги матбуот хизмати.

Фаолиятнинг қайта тикланиши ва янги номдаги янги фаст-фуд ресторанларини очиш муддати «яқин вақт ичида» эълон қилинади.

«Ресторанлар тармоғи очилгандан сўнг ташриф буюрувчиларга юқори сифатли маҳсулотлар, ранг-баранг меню ва меҳмондўст хизмат таклиф этилади. Фаст-фуд ресторанлари жорий юқори стандартлар, қадриятлар ва бизнес тамойилларига мувофиқ ишлашда давом этади», — дейилади хабарда.

Қозоғистондаги McDonald’s ресторанлари фаолияти 18 ноябрдаёқ тўхтатилган, бунга ҳам маҳаллий етказиб беришдаги чекловлар сабаб бўлган.

Bloomberg агентлиги вазиятдан хабардор шахсларга таяниб, арафасида McDonald’s Россия бозорини тарк этгач, Қозоғистондаги ўз франчайзисига Россиядаги этказиб берувчилардан котлет учун гўшт сотиб олишни тақиқлаганини ёзди. Шу билан бирга, Қозоғистонда McDonald’s билан шуғулланадиган компания гўштни маҳаллий ёки европалик этказиб берувчилардан харид қила олмади, чунки юқори нархлар ва транспорт харажатлари бизнесни зарарга олиб келади.

Қозоғистонда McDonald’s бренди остидаги биринчи ресторан 2016 йилда очилган. Ҳаммаси бўлиб, мамлакатда Олмаота, Остона, Атирау, Ақтўбе, Қўстанай ва Қарағандада 24 та McDonald’s ресторани мавжуд эди.