Якшанба куни ва душанба эрталаб Тошкент яна IQAir рейтингига кўра, ҳавонинг ифлосланиши бўйича жаҳон етакчилари қаторидан жой олди. 22 январь куни тушдан кейин Ўзбекистон пойтахти кучли бешталикдан жой олган бўлса, 23 январь куни биринчи ўринга кўтарилди.

Ўзгидромет маълум қилишича, атмосфера ҳавосининг зарарли ифлослантирувчи моддалар (CО-углерод оксиди, SO2-олтингугурт оксиди, NH3 — аммиак ва чанг) билан ифлосланиш ҳолати рухсат этилган меъёрий миқдордан ортмаган. Автотранспортлар ҳаракати натижасида азот оксиди миқдори 0,2 — 0,3 маротаба ортган, аммо у инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмайди, дейилади хабарда.

Ўзбекистон ҳудуди, жумладан Тошкент шаҳри антитциклон периферияси таъсирида қолмоқда. «Бу жараён атмосферанинг ер сиртига яқин қуйи қатламида ҳавонинг қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг радиацион совишини келтириб чиқаради. Бу ҳавода сув буғларининг тўйиниши, қалин туман ва булдуруқ ҳодисаларида сабаб бўлади. Ҳаводаги сув буғлари ҳарорати -10,15 даража оралиғида муз парчаларига айланиб, майда дисперсс заррачалар кўринишида ҳавода хираликни юзага келтиради. Шу билан бирга, шамол омилининг йўқлиги эса ҳавода кўринувчанликни пасайтириб юборади» — дейилади Ўзгидромет хабарида.

Тошкентда атмосферанинг пастки қатламида (100−150 метргача) ҳарорат инверсияси (ҳаво ҳароратининг ортиб бориши) вужудга келди. Ҳарорат инверсияси — ҳавони вертикал ҳаракатларига тўсқинлик қилади, натижада майда заррачали (PM 2,5) ифлослантирувчи моддалар концентрация ошиб боришига сабаб бўлади ва ҳавода кўринувчанликни пасайиши эса транспортларнинг ҳаракатланишига салбий тасир кўрсатади.

«22 январь 22:00 дан 23 январь 05:00га қадар пойтахтда радиацион совиш фонида қалин туман ҳодисалари рўй бериб, Тошкент халқаро аэропортида кўриниш масофаси 50−100 метргача бўлгани сабабли 11 та авиарейслар захира аэропортларига қўндирилди» — дейилади марказда.

Туман ва булдуруқ ҳодисалари таъсирида PM 2,5 майда дисперсс заррачалари ўлчов воситаларида аниқланиб AQI рейтингида Тошкентда 23 январь куни 7:00 дан 9:00 гача энг юқори ифлосланиш кўрсатгичи кузатилган. Ҳароратнинг кўтарилиши натижасида туман ва булдуруқ ҳодисалари камаймоқда, ҳавонинг майда заррачалари билан ифлосланиши пасаймоқда.