Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий 22 январь, якшанба куни Ўзбекистонни Кобул ва Тошкент ўртасида имзоланган шартномада кўрсатилган миқдорда электр энергиясини етказиб беришга чақирди, деб ёзмоқда TOLOnews.

Муттақий қишнинг совуқ кунларида Ўзбекистон электр таъминотини тўхтатганини танқид қилди.

«Улар Da Afghanistan Breshna Sherkat`га бизга 400 мегаваттдан ортиқ энергия етказиб беришни ваъда қилган. Мамлакат бу ваъдаларига содиқ қолиши керак. Улар ҳозир электр таъминотини узиб қўйган, халқ эса муаммоларга дуч келмоқда», — дейди у.

Кобул аҳолиси кучли совуқда сўнгги бир неча ҳафтада давом этаётган электр таъминотидаги узилишлардан хавотирда эканини билдирган. Аҳолининг сўзларига кўра, электр энергияси 24 соат ичида бир соат атрофида берилмоқда.

«Кечаси ярим соат электр энергияси берилади. Биз кўплаб муаммоларга дуч келяпмиз», — дейди аҳоли вакили.

Ҳозирда Breshna Sherkat мамлакатда электр қуввати тақчиллигини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини маълум қилган. «Биз бу муаммоларни имкон қадар ҳал қилиш учун кечаю кундуз ҳаракат қилямиз», — деди Кобул энергетика ва сув бошқармаси бошлиғи Ҳикматулла Охундзода.

Афғонистон электр энергиясини Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Эрондан импорт қилади. Ўзбекистондан импорт қилинадиган электр Кобул, шунингдек, Парвон, Каписа, Панжшер, Нангарҳор, Лағмон, Логар, Пактий, Хост, Майдон Вардак, Ғазни ва Бағлон ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайди.

Сўнгги маълумотларга кўра, охирги икки ҳафта ичида Афғонистонда 100 дан ортиқ одам кучли совуқ ҳаво ва заҳарланишлардан вафот этган, Табиий офатларни назорат қилиш бўйича давлат вазирлиги ўлимлар 15 вилоятда қайд этилганини маълум қилган.

«Турли вилоятларда камида 104 киши ҳалок бўлди. Камида 50 та уй вайрон бўлган ёки зарарланган», — дейди вазирлик вакили Шафай Раҳимий.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатнинг энергия тарқатувчиси бўлган Da Afghanistan Breshna Sherkat 15 январь, якшанба куни Ўзбекистондан импорт қилинадиган электр энергияси техник муаммолар туфайли узилганини билдирганди.