20 январь куни Тошкент вилояти Зангиота туманида 3 та иссиқхона 5000 та хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, Туркистон ҳудуди «Туропобод» маҳалласида фуқаро З.А.га қарашли иссиқхонада 1 дона ностандарт (қўлбола) иситиш қозони газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинган. Оқибатда 32,8 млн сўм (32,8 минг метр куб) миқдорида зарар етказилган.

Шунингдек, Чиғатой оқтепа ҳудуди «Бўстон» маҳалласида фуқаро И.Ф. иссиқхоналарда 2 дона ностандарт (қўлбола) иситиш қозонини газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани маълум бўлган. Оқибатда 54,8 млн сўм (54,8 минг метр куб) зарар миқдори аниқланган.

«Мазкур иссиқхоналар томонидан етказилган умумий зарар миқдори 87,6 млн сўмни (87,6 минг метр куб) ташкил этди. Бу ўртача 5000 та хонадоннинг бир кунлик табиий газ истеъмолини ташкил қилади», — дейилади хабарда.

Аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юбориш учун тайёрланмоқда.