Президент «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилди.

Унга кўра, аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023−2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Қайд этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун «95−95−95» стратегияси илгари сурилган. Унда ОИВ юқтириб олган шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билиши, махсус даволаш курслари билан қамраб олиниши, 95 фоизининг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушиши кераклиги режалаштирилган.

Бу стратегияни амалга ошириш учун 2023−2027 йилларда Давлат бюджети маблағлари, ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича Глобал жамғарма маблағлари, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг қарз маблағлари ҳисобидан 120 миллиард сўм ва 54 миллион доллар маблағлар йўналтирилади.

Пуллар аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида тест-тизимлари ва ретровирусга қарши воситаларни харид қилиш, ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг туманлараро диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, кенг тарғибот ишларини ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилий тадбирлар учун сарфланади.

2027 йилда ОИВ инфекциясини юқтириб олган ҳамда ўз мақомини билган, махсус даволаш курслари билан қамраб олинган ва қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушган шахслар кўрсаткичи 95 фоизга етказилиши керак. Шу вақтга келиб, ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам берилиши ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ССВ Адлия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2023 йил якунига қадар эса бошқа ҳудудларда «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали ФҲДЁ органлари ва тегишли тиббиёт муассасалари ўртасида электрон ҳамкорликни ташкил қилади.

2023 йил якунига қадар ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатлар мониторингини таъминлаш, реал вақт режимида препаратлар ва диагностикумларнинг ҳаракатланишини кузатиб бориш имконини берувчи электрон ахборот тизими яратилиб, тизимни Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг электрон базалари билан интеграция қилиш орқали ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.

Ўзбекистон ва жаҳондаги вазият

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб тахминан 38,5 миллион бемор ОИВ билан касалланган. Уларнинг йиллик ўсиши 1,5 млн кишини ташкил этмоқда. Ушбу касалликдан ҳар йили 600 000 дан ортиқ одам вафот этмоқда. 2022 йил июль ойи охиридаги ҳисоб-китобларга кўра, ОИВ сабаб 40 миллиондан ортиқ одам вафот этган.

Ўзбекистонда ОИВ инфекциясининг биринчи ҳолати 1987 йилда қайд этилган. Шу пайтдан бошлаб 2022 йилнинг 1 январигача 71 мингга яқин ҳолат қайд этилган, ОИВ инфекцияси билан касалланиб ўлганлар сони 23 мингга яқинни ташкил этган.

2022 йил декабрь ҳолатида Ўзбекистонда 45 мингга яқин ОИВ инфекцияси билан касалланган одам яшаётгани, уларнинг 55 фоизи эркаклар ва 45 фоизи аёллар экани маълум қилинганди. Бутун дунёда бўлгани каби вирус кўпроқ жинсий йўл билан юқади — 2021 йилда инфекциянинг бу тарзда юқиш кўрсаткичи 74,3% ни ташкил этган. ОИВ инфекциясининг инъекция йўли билан юқиши 15,4 фоизгача камайган (илгари 76,6 фоиз бўлган).

Инфекцияланганларнинг асосий ёши 30−49 ни ташкил этади, бу 51% дан ортиқ дегани. Рўйхатга олинганларнинг 70% дан ортиғи антиретровирус терапиясида.

Касалликнинг онадан болага юқиш даражаси 2021 йилда 0,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 2,3 фоиз бўлган. 2011 йилдан 2021 йилгача 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида касалланиш 3 баравардан кўпроққа камайган.