Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев 20 январь куни мамлакат пойтахтидаги клиникалардан бирига ётқизилгани ҳақида «Хабар 24» собиқ директори Александр Аксютиц Facebook`даги саҳифасида пост қолдирди. Орадан бироз вақт ўтиб, Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай ушбу маълумотни тасдиқлади ва собиқ президент юраги операция қилинганини билдирди.

«Операция муваффақиятли якунланди. Биринчи президентнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ. Ҳозир у кузатув остида. Операция Миллий илмий кардиожарроҳлик марказида машҳур кардиожарроҳ Юрий Пя раҳбарлигида ўтказилди», — дейилади хабарда.


нурсултон назарбоев

Фото: Twitter / @Aidos_Ukibay

«Тезкор. Менинг манбаларим Нурсултон Назарбоевнинг Остонадаги шифохоналардан бирига ётқизилгани ҳақида хабар берди. Унинг юраги комплекс текширувдан ўтаказилади. Тиббиёт ходимлари унинг операция қилиниши мумкинлигини айтмоқда», — деб ёзганди Аксютиц.

нурсултон назарбоев

Фото: Facebook / Александр Аксютиц

Мамлакатнинг 82 ёшли собиқ раҳбари 2019 йилнинг март ойида президентлик ваколатини топширгани тўғрисида эълон берган. 20 мартдан президентлик ваколатини тўхтатиш тўғрисидаги фармонни Нурсултон Назарбоев жонли эфирда имзолаган. Қозоғистон президенти вазифасини вақтинча бажаришни Қасим-Жомарт Токаев ўз зиммасига олиши маълум қилинган.

Бундан бир йил аввал — 2022 йил 18 январда Назарбоев мамлакатдаги фожиали воқеалардан сўнг биринчи марта баёнот билан чиққанди. У 2019 йилдан бери нафақада экани ва ҳеч қаерга кетмаганини таъкидлаган. Қасим-Жомарт Токаев «барча ҳокимиятга эгалиги», «элитада ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршилик йўқлиги»ни айтган.