Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 18 январь куни мамлакатда январь ойи бошида рўй берган фожиали воқеалардан сўнг биринчи баёнот билан чиқди. Баёнот унинг сайтида жойлаштирилган.

«Январь воқеалари бутун Қозоғистонни ларзага солди. Қозоғистонга уюштирилган бу тартибсизликлар ва ҳужумлардан мақсад мамлакат яхлитлиги ва давлат асосларини бузиш эди», — деди у.

Биринчи президент бўлиб ўтган фожианинг барча учун сабоқ бўлиши, бунда барча погромлар ва қотилликларни ким уюштирганини аниқлаш муҳим эканлигини таъкидлади.

«Менга келиб тушган кўплаб мурожаатлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган эълонлар муносабати билан шуни маълум қиламанки, мен 2019 йилда президент ваколатларини Қасим-Жомарт Тоқаевга ўтказдим ва ўшандан бери мен пенсионерман, ҳозир эса Қозоғистон пойтахтида муносиб дам олишдаман ва ҳеч қаерга кетмадим», — деди у.

«Президент Қасим-Жомарт Токаев тўлиқ ҳокимиятга эга. У Хавфсизлик Кенгашининг раиси. Тез орада президент „Nur Otan“ партияси раиси этиб сайланади. Шунинг учун элитада ҳеч қандай зиддият ёки қарама-қаршилик йўқ. Бу мавзудаги миш-мишлар мутлақо асоссиз», дея ишонтирмоқда биринчи президент.

Нурсултон Назарбоев Қасим-Жомарт Токаев томонидан илгари сурилган янги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга чақирди.

«Сизга, азиз ватандошлар, соғлик ва фаровонлик тилайман! Давлат раҳбари лавозимида ишлаганимда олиб борилган ислоҳотлар ва модернизация ишларини қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман», — дея якунлади у.