19 январь, пайшанба куни Франциянинг Париж ва бошқа 200 га яқин шаҳрида пенсия ёшини оширишга қарши оммавий митинглар бўлиб ўтди, дея хабар берди BBC. Митингни етакчи ҳисобланувчи саккизта француз касаба уюшмаси ташкил қилди.

Франция Ички ишлар вазирлиги мамлакат бўйлаб 1,12 млн киши намойишга чиққанини маълум қилди. Биргина Париж кўчаларида 80 минг намойишчи тўпланди. Касаба уюшмалари ушбу кўрсаткич бундан ҳам кўпроқ эканини билдирди.

Намойишлар Нант, Лион, Бордо, Марсель ва Тулуза шаҳарларида ҳам бўлиб, у ерда поезд машинистлари, давлат сектори ходимлари ва нефтни қайта ишлаш заводлари ишчилари ўз ишларини тарк этди.

Аввалроқ — 10 январь куни мамлакат бош вазири Элизабет Борн 2023 йилда жорий этилиши режалаштирилаётган пенсия ислоҳоти лойиҳасини тақдим этганди. 1 сентябрдан бошлаб расмийлар мамлакатда пенсия ёшини ҳар йили уч ойга ошириш ниятида. Шундай қилиб, 2030 йилга келиб, кўрсаткич 62 ёшдан 64 ёшгача етиши мумкин.

Бу Францияда президент Франсуа Миттеран 1982 йилда пенсия ёшини 60 ёшга туширганидан бери амалга оширилган еттинчи пенсия ислоҳоти бўлади. Касаба уюшмалари яна бир норозилик кунини 31 январга белгилади.