Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов Нидерландиянинг Вейк-ан-Зи шаҳрида ўтказилаётган Tata Steel Chess 2023 супертурнирининг бешинчи босқичида классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан сенсацион ғалабага эришди.

18 ёшли ўзбекистонлик (FIDE рейтинги — 2713) ва 32 ёшли норвегиялик (2859) баҳсида Абдусатторов (партия) қора доналарга эга бўлишига қарамай, ўзини яхшироқ кўрсатди.

Мазкур ғалаба Ўзбекистон вакилига Live-рейтингида (ҳар бир ўйиндан кейин ўзгаради) 18-ўринни эгаллаб, дунёнинг энг яхши 20 нафар шахматчиси қаторига кириш имконини берди.

Қайд этиш жоизки, аввалги раундда Аниш Гири (2764) ҳам охирги 12 йил ичида илк бор классик назоратли партияда Магнус Карлсенни мағлуб этганди. Охирги марта норвегиялик 2015 йилда кетма-кет иккита ўйинда ютқазган эди.

Бунгача Нодирбек Абдусатторов Рихард Раппорт (2740) ва Пархам Магсудлуни (2719) мағлуб этди, шунингдек, Гукеш Доммаражу (2725) ва Фабиано Каруана (2766) билан тенглашиб олди.

tata steel chess tournament, нодирбек абдусатторов

Бу ғалабалар ўзбекистонликка очколар бўйича ягона биринчи ўринни эгаллаш имконини берди (5 учрашувда 4 очко).

Олтинчи турда у ҳиндистонлик гроссмейстер Рамешбабу Прагнанандха (2684) билан ўйнайди.

Вейк-ан-Зее ёки Tata Steel Chess Tournament — 1937 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинаётган энг қадимги ва кучли шахмат турнирларидан бири ҳисобланади.

2023 йилда турнирда саккиз карра турнир чемпиони Магнус Карлсен, иккинчи рақамли ва жаҳон чемпионлигига давогар Динг Лижэнь, шунингдек, яна учта энг яхши 10 нафар гроссмейстер Фабиано Каруана, Аниш Гири ва Уэсли Со иштирок этади. Бундан ташқари, мусобақада Ричард Раппорт, Левон Аронян ва 2021 йилги турнир чемпиони Йорден ван Форест ҳам иштирок этади.

Турнир айлана тизимда ўтказилади ва 13 турдан иборат. Назорат вақти: 40 та ҳаракат учун 100 дақиқа, кейин 20 та ҳаракат учун 50 дақиқа ва охиригача 15 дақиқа ва биринчи ҳаракатдан ҳар бир ҳаракат учун 30 сония.