Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари куннинг маълум вақтида 1 соатдан 3 соатгача оралиқда айрим ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатмоқда, деб хабар берди «Ўзтрансгаз» матбуот хизмати.

Қайд этилишича, кейинги кунларда Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши сабаб табиий газ истеъмол ҳажми кескин ошиб борган. Бундай ҳолатда аҳоли, ижтимоий аҳамиятга молик объектлар ва қозонхоналарни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида республикадаги мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай улгуржи истеъмолчилар, хусусан, АГТКШларга табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.

Ижтимоий тармоқларда эса айрим «заправка»ларда таниш-билишчилик қилинаётгани ҳамда айрим автотранспортларга метан газ тўлдирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. АЖнинг тушунтириш беришича, бу автомобиллар давлат ташкилотларига тегишли.

Ҳар бир вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда айрим АГТКШлар куннинг маълум вақтида 1 соатдан 3 соатгача оралиқда уй-жой мулкдорлари ширкатлари, электр таъминоти корхоналари, ободонлаштириш бошқармалари, аҳолига пропан тўлдирилган газ балонлар етказиб берувчи ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатмоқда.

Таъкидланишича, об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, республикадаги барча АГТКШлар одатдаги иш тартибида ишлай бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги аномал совуқ давом этаётгани сабабли 12 январдан айрим йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилиб, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти қисқа муддатга вақтинча тўхтатилганини маълум қилганди.

Унда ортадиган талабни тўлиқ қондириш мақсадида автобензин ва дизель ёнилғиси маҳсулотлари қўшимча миқдорларда сотувга чиқарилиб, шу жумладан, захиралар ҳисобидан ишлатилиши билдирилганди.