Об-ҳаво шароити ҳамда ҳаракат йўналиши бўйлаб автомобиль йўлларидаги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, 19 январдан Ўзбекистондан халқаро йўналишларда амалга оширилувчи мунтазам автобус қатновлари қайта тикланди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 19 январь, пайшанба куни «Тошкент» автовокзалидан қуйидаги халқаро йўналишларда автобус қатновлари амалга оширилади:

  • 12:00 — Тошкент-Москва, чипта нархи 1011000 сўм;
  • 16:00 — Тошкент-Олмаота, чипта нархи 200 000 сўм;
  • 16:00 — Тошкент-Остона, чипта нархи 361 000 сўм;
  • 17:00 — Тошкент-Туркистон, чипта нархи 111 000 сўм;
  • 18:00 — Тошкент-Қизилўрда, чипта нархи 161 000 сўм;
  • 18:00 — Тошкент-Олмаота, чипта нархи 200 000 сўм;
  • 18:00 — Тошкент-Бишкек, чипта нархи 261 000 сўм.

Эслатиб ўтамиз, ноқулай об-ҳаво шароитини инобатга олиб, йўловчи ташувлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистондан халқаро йўналишларда амалга оширилувчи мунтазам автобус қатновлари 13 январдан вақтинчалик тўхтатилганди.

Хусусан, Қозоғистоннинг Актобе вилоятида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли йўлда қолиб кетган иккита йўловчи автобусидан 69 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинган. Улар умумтаълим мактаби ва масжидга вақтинча жойлаштирилганди.

Бундан ташқари, Актобе вилоятида автобусда қолиб кетган яна 31 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинган. Транспорт воситасининг йўлда қолиб кетишига кучли совуқ туфайли дизель ёнилғиси музлаб қолгани сабаб бўлган.