ЮНЕСКО эълон қилган ҳисоботга кўра, 2022 йилда 86 нафар журналист касбий фаолияти учун ўлдирилгани ҳақида ҳисобот эълон қилди. Ташкилот маълумотларига кўра, ўртача ҳар тўрт кунда бир журналист вафот этган.

Ўтган йили журналистларнинг ўлдирилиши сони уч йилдан сўнг биринчи марта ўсишни бошлади, бу кўрсаткич бир хил даражада ўзгариб турди: 2019 йилда 53 нафар, 2020 йилда — 50 нафар, 2021 йилда — 55 нафар журналист ўлдирилган.

2022 йилда журналистлар учун энг хавфли мамлакатлар Мексика (19 нафар мухбир ўлдирилган), Украина (10 нафар) ва Гаити (9 нафар) бўлди. Осиё ва Тинч океанида 16 та, Шарқий Европада эса 11 та қотиллик содир этилган.

Олинган маълумотлар журналистлар ўз хизматлари давомида дуч келаётган жиддий хавф ва заифликлар мавжудлигини кўрсатади, дея таъкидлади ЮНЕСКО.

«Ҳокимият бу жиноятларни тўхтатиш ва айбдорлар жазоланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтириши керак, чунки бефарқлик бу зўравонлик муҳитида асосий омил ҳисобланади», — деди ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле.

ЮНЕСКОнинг қайд этишича, ўлдирилган журналистларнинг деярли ярми иш вақтидан ташқари соатларда нишонга айланишган. Баъзилар йўлда, автотураргоҳларда ёки бошқа жамоат жойларида вазифасини бажармаётган вақтларида ҳужумга учраган, бошқалари эса қотиллик вақтида ўз уйларида бўлишган.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, «журналистлар учун ҳатто бўш вақтларида ҳам хавфсиз жойлар йўқ».

Журналистларни ўлдириш учун жазосиз қолиш даражаси «ҳайратланарли даражада юқори» — 86 фоиз бўлиб қолмоқда. ЮНЕСКО жазосизликка қарши кураш халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этаётган долзарб мажбурият бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Журналистлар, айниқса аёл журналистлар қотилликлардан ташқари, 2022 йилда зўравонликнинг бошқа шакллари, жумладан, бедарак йўқолиш, ўғирлаш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қонуний таъқиб ва рақамли зўравонликлар қурбони ҳам бўлишган.

Умуман олганда, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюркнинг Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумидаги баёнотига кўра, сўнгги 10 йил ичида дунёда 1300 дан ортиқ журналист ўлдирилган, деб ёзади «Коммерсант».