Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон ҳамда Денов туманларида ўқишга киритиш ва ўқишни кўчириб беришни ваъда қилган фуқаролар аниқланди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХнинг вилоят бошқармаси ўтказган терговга қадар текширувда маълум бўлди.

Жарқўрғон туманида А.А. (фирибгарлик жинояти учун сиртдан айб эълон қилиниб, қидирув эълон қилинган) ва Ш. А. ўзаро келишиб, 2022 йилда нодавлат университет очган. Улар шу ОТМда ўқишни хоҳлаган 18 кишининг жами 152,9 млн сўмини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Денов туманида кузатилган ҳолатда эса фуқаро Х.М. Тожикистонда ўқиётган 21 нафар талабанинг ўқишини юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кўчириб беришини айтган. Эвазига жами 15,3 минг доллар олган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.