«Ҳудудгаз Тошкент» корхонаси («Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти Тошкент вилояти филиали) собиқ директори Музаффар Алиевнинг қамоқ чораси гаров шаклига ўтказилиб, озод этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда унинг қамоқдан озод қилингани ҳамда иш жойида фаолият олиб бораётгани тўғрисида маълумот жойлаштирилган. Тергов ҳаракатлари давомида Алиевга нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси гаров эҳтиёт чорасига ўзгартирилган.

Бундан ташқари, Алиевни лавозимидан четлаштириш тўғрисида Жиноят ишлари бўйича суднинг ажрими мавжуд.

Терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди, — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 11 декабрь куни Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раҳбарлигида ўтказилган энергия ресурслари бўйича йиғилишда бир қанча соҳа раҳбарлари, хусусан, «Ҳудудгазтаъминот» Тошкент вилояти филиали директори Музаффар Алиевга нисбатан жиноят иши очилгани ва қамоққа олингани маълум қилинганди.

Шунингдек, «Янгийўл тумангаз» раҳбари Умид Тўйчиев ва «Гулистон туман электр тармоқлари корхонаси» собиқ раҳбари Фурқат Шодмонқуловга ҳам жиноят иши очилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.