Ўзбекистонда ҳокимлар, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, аҳолидан хабар олади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 16 январдаги йиғилишда топшириқ берди, дея хабар қилмоқда Шерзод Асадов.

«Саховат ва кўмак» жамғармасидан ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни шароити бор жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этиш топширилди.

Ҳар бир деҳқон бозорида шароитларни яхшилаш ва нарх-наво тартибга солиш, йирик корхоналар, ижтимоий объектлар раҳбарлари ходимларини уюшган ҳолда ишга олиб келишга автобус қатновларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Ёнғинни олдини олиш бўйича амалий ва тушунтириш ишларини кучайтириш, хонадонма-хонадон иситиш воситаларидан тўғри фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.

Бундан аввал, Тошкент ҳокимлиги томонидан аҳолига тўйхоналарда бепул ош тарқатиш йўлга қўйилганди. «Газета.uz» ош тарқатилаётган тўйхоналардан репортаж тайёрлаганди.