Ўзбекистонда кузатилаётган совуқ об-ҳаво шароитида 12−16-январь кунлари пойтахт ҳокимлиги томонидан аҳолига тўйхоналарда бепул ош тарқатиш йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди. Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати кам таъминланган оилалар, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси, ободонлаштириш бошқармаси ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ташриф буюришларини маълум қилди. Шунингдек, ҳар куни ош бериладиган заллар ва жойлар рўйхати ҳам эълон қилинди.

«Газета.uz» мухбирлари Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларидаги бир қанча тўйхоналардан репортаж тайёрлади.

14 январь куни Мирзо Улуғбек туманидаги Royal rose тўйхонасида 100 килоли ош тайёрлангани, бу соат 11:00 дан бошлаб аҳолига тарқатилганига гувоҳ бўлдик. Ошпазнинг айтишича, иккита қозондаги ош 800−900 кишига етади.

аномал совуқ, ош

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Алишер Муродовнинг таъкидлашича, тумандаги 5 та тўйхонада кунига бир маҳалдан 100 килодан ош тайёрланмоқда. Бу эса мингга яқин оилага мўлжалланган.

«Тўйхоналарга ободонлаштириш ходимлари, турли ташкилотлар вакиллари ва аҳолининг қуйи қатлами: «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари»даги фуқаролар, озиқ-овқатга қийналган одамлар режа графиги бўйича келишмоқда. Ногирон, кекса юртдошларимизга эса маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орқали тарқатиш йўлга қўйилган», — деди туман ҳокимлиги вакили.

Ободонлаштириш ходими Феруза Норова уларга нисбатан бундай эътибор давомли бўлишини хоҳлашини таъкидлади. «Ош берилаётганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик, ҳозир тўйхонага кириб иссиқ ошни еб чиқяпмиз. Эътибор кўрсатган масъулларга раҳмат айтамиз. Бу каби ишлар давомли бўлишини, ҳар доим эътибор беришларини истаймиз», — деди у.

аномал совуқ, ош

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Унинг сўзларига кўра, ободонлаштириш ходимларининг маоши кам, кийим алмаштириш хоналари совуқ.

«Маошларимизни ошириб беришса, шароитларимиз яхшиланса, хурсанд бўлардик. Бизнинг кийим алмаштирадиган хоналаримиз совуқ, шароитимиз йўқ, совуқда кийиниб, ишга чиқамиз. Айрим пайтларда шамоллаб қоламиз. Шуларни инобатга олиб, иссиқ хоналар қилиб беришса, янада хурсанд бўлардик. Ишга бориб-келишда транспрот масаласида ҳам жуда қийналамиз, ойликларимизни бироз кўтариб беришса, яхши бўларди. Ҳозирги қиш мавсумида йўлкира учун кунига 20−30 минг сўм кетяпти, бошқа илож йўқ. Шуларга ҳам эътибор қаратишларини истаймиз», — деди Феруза Норова.

«Газета.uz» мухбирлари Мирзо Улуғбек туманидаги Ezidiyor ҳамда Шайхонтоҳурдаги Versal тўйхоналарида ҳам бўлишди.