Тошкент ҳокимлиги марказлашган иссиқлик тизимида ҳароратни кўтариш мақсадида энг камида уч кун давомида кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув таъминотида ҳарорат вақтинча пасайтирилишини маълум қилди.

Ҳаво ҳароратининг кескин пасайши оқибатида иссиқлик станцияларига узатилаётган табиий газ босимининг пасайиб кетиши сабабли хонадонларга етказиб берилаётган иссиқ сув таминотида ҳам, иситиш тизимида ҳам охирги кунларда ҳарорат сезиларли даражада пасайиб кетди, дейилади хабарда.

Бунинг натижасида ўз хонадонларини иситиш мақсадида фуқаролар қўшимча электр мосламалардан фойдаланишга мажбур бўлмоқдалар. Бу эса, ўз навбатида, трансформатор станциялари ва узатиш симларида нормадан ортиқча юкламани вужудга келтиряпти, бунинг оқибатида эса, охирги кунларда трансформаторлар ва симларда портлаш, ёниб кетиш каби авариялар сони ўн баробардан ошиб кетди.

«Шунга кўра, электр тизимига юкламани пасайтириш, ҳамда марказлашган иссиқлик тизими (отопление)да ҳароратни кўтариш мақсадида, энг камида, уч кун давомида кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув таъминотида ҳароратни вақтинча пасайтиришга мажбурмиз. Бунда сувни иситишга сарфланаётган табиий газ иссиқлик тизими (отопление)га йўналтирилади», — дейилади хабарда.

Пойтахт ҳокимлиги фуқаролари вазиятни тўғри баҳолашларига умид қилиб, келтирилган ноқулайликлар учун узр сўради.

Шунингдек, шаҳарликлардан уйлардаги энг зарур хоналарни иситиш ва ёритишдан ташқари энергия сарфини имкон қадар камайтиришни илтимос қилинди.