13, 14, 15 январь кунлари 766/765-сонли Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишидаги «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлари қатновларининг 3 та рейси бекор қилинади, дея хабар бермоқда «Ўзтемирйўловчи» АЖ матбуот хизмати.

Компания бу қарорни кузатилаётган аномал совуқ об-ҳаво туфайли йўловчи поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ўз манзилларига етказиш давомида ноқулайликлар келиб чиқишининг олдини олиш билан изоҳлади.

Йўловчилар ўз манзилларига етиб олиш мақсадида қуйидаги муқобил йўловчи поездлардан фойдаланишлари тавсия этилди:

  • 12-сонли Тошкент-Бухоро («Шарқ» поезди);
  • 56-сонли Тошкент-Бухоро-Хива;
  • 58-сонли Тошкент-Бухоро-Шовот;
  • 72-сонли Тошкент-Бухоро-Олот;
  • 125-сонли Андижон-Тошкент-Бухоро-Хива.

Харид қилинган чипталарни темирйўл чиптахоналарида, электрон тарзда сотиб олинганларини chipta.railway.uz сайтида қайтариш мумкин. Улар 100 фоиз қийматда қайтарилади, дейилади хабарда.

Аввалроқ «Ўзтемирйўловчи» аномал совуқ об-ҳаво туфайли 13 январь куни поездлар ҳаракат жадвалига ўзгартиришлар киритилишини маълум қилганди.