Таълим муассасаларининг ўқув хоналарида ҳаво ҳарорати +16 даражадан паст бўлмаслиги керак, деб эслатма бермоқда Санитария-эпидемиология хизмати.

Хусусан, физика ўқув лаборатория хонасида мунтазам равишда ҳарорат +18 — 21 даража, ҳавонинг намлиги 40−60 фоиз бўлиши керак.

Таълим муассасаси ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим. Муассасада канализация тизими йўқ бўлганда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ҳудудда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.

Шунингдек, информатика ўқув хонасини ертўлаларда жойлаштириш тақиқланади. Ўқув устахоналаридаги иш ўрни ҳар қандай бахтсиз ҳодисанинг олдини олишга қаратилган ҳолда ташкил қилинган бўлиши керак.