Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам автомобилларига жарима белгиланаётгани ва улар бекор қилинмаётгани ҳақида хабарлар тарқалиб, ИИВ ва ССВ ушбу турдаги жарималар бекор қилинишини билдирганди. Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган видеомурожаат билан боғлиқ ҳолат юзасидан 11 январь куни суд жараёни бўлиб ўтди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 202−2-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисми бўйича М.Самиқов (1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси махсуслаштирилган автохўжалиги ҳайдовчиси) ва Д.Касимов (1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент шаҳри Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси махсуслаштирилган автохўжалиги механиги)га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди.

Аниқланишича, М.Самиқов шаҳар ЙҲХБдан юборилган, тез тиббий ёрдам автомашиналари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун тайинланган қарорларда белгиланган жарималар ҳайдовчиларнинг ойлигидан олиб қолинаётгани хақида ёлғон маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойлаган.

М.Самиқов шу сабабли тез тиббий ёрдам хизмати автомашиналари чақирувга ўз вақтида етиб борилмаслигида уларни айбламасликларини сабаб қилиб, ушбу ҳаракатлари билан жамоат тартибига таҳдид солувчи ҳамда кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига ва эътирозига сабабчи бўлган ёлғон ахборот тарқатган, деб топилган.

Суднинг 11 январдаги қарори билан М.Самиқовнинг ҳаракатларида 183-моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли ишнинг шу қисми кодекснинг 271-моддаси (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди. М.Самиқов 21-модда (Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш)га асосан маъмурий жавобгарликдан озод этилди ва огоҳлантирилди.

Д.Касимовнинг ҳаракатларида ҳам ҳуқуқбузарликлар аломатлари йўқлиги сабабли унга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳаракатдан тугатилди.