Ижтимоий тармоқларда тез тиббий ёрдам автомобилларига тезликни ўлчовчи махсус автоматлаштирилган, онлайн режимда ишловчи камералар орқали қайд этилиб, жарима белгиланаётгани ва улар бекор қилинмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма баёнот эълон қилди.

Маълум қилинишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17 прим 1-моддаси бешинчи хатбошисига кўра, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади. Сўнг мазкур маъмурий иш ушбу кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади.

Мазкур ҳужжатнинг 271-моддаси биринчи хатбошисининг тўртинчи кичик бандига кўра, шахс ҳаракатни охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас. Бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги белгиланган.

Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл ҳаракати қоидаларининг 7-боб (Светофор ва тартибга солувчининг ишоралари), 9−16 (Ҳаракатланишни бошлаш, Йўналишларни ўзгартириш, Йўлнинг қатнов қисмида транспорт воситаларининг жойлашуви, Ҳаракатланиш тезлиги, Қувиб ўтиш, Тўхташ ва тўхтаб туриш, Чорраҳада ҳаракатланиш, Тартибга солинган чорраҳалар, Тартибга солинмаган чорраҳалар), 19−20 (Автомагистралларда ҳаракатланиш, Турар жой даҳаларида ҳаракатланиш) ва 22-боблари (Йўналишли транспорт воситаларининг имтиёзлари), 1- (Йўл белгилари) ва 2-иловалари (Ётиқ чизиқлар) талабларидан четга чиқишлари мумкин.

Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлиши учун махсус хизматларнинг транспорт воситаларида кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи маёқчалар ва махсус товушли ишора ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин.

ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, тез ёрдам автомобилларига ёзилган жарималар бекор қилинган. Унинг қайд этишича, ушбу турдаги автомобиллар учун ёзилган жарималар умумлаштирилиб «битта ариза билан ҳайдовчиларнинг иштирокисиз реестрдан ўчирилади».