Саудия Арабистони коронавирус пандемияси туфайли Ҳаж зиёратига қўйилган чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда қиролликнинг Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфик Ал-Рабия маълум қилди, дея хабар қилди Anadolu Agancy.

«Ҳаж зиёратига келувчилар сони пандемиягача бўлган даражага қайтади, ёш чекловлари бўлмайди», — деди вазир.

Вазирнинг сўзларига кўра, бутун дунёдан келган зиёратчилар яна Саудия Арабистонида хизмат кўрсатиш бўйича исталган ваколатли компания билан шартномалар тузиши мумкин.

«Биз ҳамкорларимиз билан биргаликда зиёратчиларнинг етиб келиш тартиб-таомилларини осонлаштириш учун NUSK платформасини ишга туширдик», — дея қўшимча қилди Ал-Рабия.

Саудия Арабистони расмийлари сўнгги уч йилда коронавирус сабабли Ҳажга зиёратчилар сонига чеклов қўйганди.