Самарқанд вилояти Оқдарё туманида эркак хотини ва 5 ойлик боласини ўлдириб, ўзини осди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га.

24 декабрь куни соат 23:20 ларда Оқдарё туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими вилоят ИИБ «102» операторига хабар берган. Чақирувга асосан Оқдарё тумани «Галаравот» маҳалласида яшовчи фуқаро А.А.нинг уйига борилганда хонадонда унинг турмуш ўртоғи М.А. ва 5 ойлик фарзанди П.М. тан жароҳатлари билан ўлик ҳолатда топилган.

Дастлабки тезкор маълумотлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувларига кўра, А.А. турмуш ўртоғи М.А. билан оилавий келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, уни қайчи билан бўйин соҳасига 2 марта уриб ўлдирган. Сўнгра бешикда ётган 5 ойлик фарзанди П.М.ни қўллари билан бўғиб ўлдирган. Кейин ўзини ўзи осиб, ўз жонига қасд қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 25 декабрь куни туман прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а», «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишининг дастлабки тергови туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.