2022 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 304,1 млрд сўмлик 118 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди, дея хабар қилди РТХБ матбуот хизмати.

Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,6 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 91% жисмоний шахслар, 9% — юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 494,9 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса — 348 млн сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 5% биринчи тоифадаги авторақамлар, 8% — иккинчи, 8% — учинчи, 11% — тўртинчи, 22% — бешинчи ва 46% — олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (31%) Самарқанд ва Қашқадарё (8% дан), Наманган, Андижон ва Сурхандарё (7% дан), ҳамда Хоразм (6%) вилоятларида харид қилинган.

Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80% — Давлат бюджетига, 20% — Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.