Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида эркак ўзига таниш бўлган аёлни калтаклаб, оғир жароҳат етказди. Оқибатда аёл шифохонада вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 2023 йил 1 январь соат 19:00 ларда фуқаро 1986 йилда туғилган Ж.С. (эркак) таниши, 1987 йилда туғилган С.С. (аёл) билан оғзаки тортишиб тортишиб қолади. Жанжал оқибатида Ж.С. қўли билан С.С. танасининг турли жойларига уриб, жароҳат етказган.

Жабрланувчи 2 январь соат 3:00 ларда бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг оғир даражада лат ейиши, бош миянинг 4-даражали комаси билан Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб келинган. Бироқ, шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан С.С. шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2 январь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Шаҳрисабз тумани ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.