«Абу Сахий» жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди. Бунгача ушбу лавозимда ишлаган Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов ўз аризасига биноан ишдан олинди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси хабар қилди.

2023 йил 4 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла раислигида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг йиғилиши бўлиб ўтди.

«Танқидий руҳда ўтган йиғилишда йўл қўйилган хатолар, фуқаролар мурожаатини тинглашдаги камчиликлар, аҳоли билан ишлашдаги муаммолар ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлашдаги оқсоқликлар таҳлил қилинди», — дейилади хабарда.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов ўз аризасига биноан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасидан озод этилиб, «Абу Сахий» жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов 2021 йил 19 октябрь куни Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасига тайинланганди.