22−25 декабрь кунлари Ўзбекистон ТИВ раҳбари Владимир Норов бошчилигидаги делегация «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 9-йиғилишида иштирок этиш учун Япониянинг Токио шаҳрига ташриф буюрди. Қуйида ташрифнинг асосий воқеалари ҳавола этилади.

22 декабрь куни Норов Токиога ташрифи давомидаги илк учрашувни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти Жуничи Ямада билан ўтказди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Учрашувда айни пайтда умумий қиймати 4,7 миллиард долларлик 13 та лойиҳа амалга оширилаётгани, шунингдек, 700 миллион долларлик 14 та янги лойиҳа устида ишланаётгани қайд этилди.

Энергетика, чиқиндиларни камайтириш, экологик тоза технологияларни жорий этиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, транспорт ва логистика, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлар этиб белгилангани айтиб ўтилди.

Вазир шу куннинг ўзида «All Nippon Airlines» компанияси президенти Шинъичи Иноуэ билан ҳам учрашди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Мулоқотда туризм ва авиация соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Япониядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, жумладан, фуқаро авиациясини барча йўналишларда ривожлантириш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди. Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Ўзбекистоннинг бошқа тарихий шаҳарларига «All Nippon Airlines» авиақатновларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

23 декабрь куни Владимир Норов Японияга ташрифи доирасида ушбу мамлакат таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Кейко Нагаока билан музокаралар ўтказди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистонда япон технологиялари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда профессионал таълим муассасасини (япон тилида «косен») очиш, техник мутахассисликлар бўйича магистрлар тайёрлаш бўйича ҳукуматлараро битим тузиш орқали олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масаласида иш бошлаш, шунингдек, мамлакат ўқитувчилари ва тадқиқотчилари учун тренинглар ва стажировкаларни ташкил этиш юзасидан келишувларга эришилди.

Шу куннинг ўзида ТИВ раҳбари Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) раиси Нобухико Сасаки билан ҳам учрашув ўтказди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистон-Япония ўртасидаги инвестиция ва савдо алоқалари, металлургия, кимё ва тўқимачилик саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Владимир Норов Япония ишбилармон доиралари вакилларини Ўзбекистонда ўтказиладиган иқтисодий тадбирларда, хусусан, иккинчи Тошкент инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди.

Токиога ташриф буюрган вазир Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан биргаликда «Япония-Марказий Осиё» парламент дўстлик лигаси раиси Таро Асо ва лига аъзолари билан учрашди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Бугунги кунда Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси аъзолари сони 41 нафарга етгани қайд этилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва Япония атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Акихиро Нишимура ўртасидаги учрашувда экология соҳасидаги Ўзбекистон-Япония муносабатларини янада фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Томонлар шу йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда яшил технологияларни жорий этиш ва декарбонизациялаш жараёнини жадаллаштириш мақсадида Япония инвестициясини жалб этишни назарда тутувчи «Қўшма кредитлаш механизми» бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланганини қайд этди.

Япония Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этишда, жумладан, Оролбўйи ҳудудида инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди фаолиятида иштирок этиш орқали Ўзбекистонга кўмак беришда давом этишга тайёр экани билдирилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Япония Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.

24 декабрь санасида Токиода «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида транспорт боғлиқлиги, логистика, саноат кооперацияси, соғлиқни сақлаш, таълим ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларида икки ва кўп томонлама шакллардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилди.

2016 йилдан 2021 йилгача Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ошиб, 6,4 миллиард долларни ташкил этгани айтиб ўтилди. Япония билан кадрлар малакасини ошириш, миграция, туризм, маданият соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.

Йиғилишдан сўнг Токиода Ўзбекистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари Владимир Норов ва Ёшимаса Хаяши ўртасида учрашуви бўлиб ўтди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Норов Ўзбекистон логистика, транспорт боғлиқлиги, таълим ва яшил энергия соҳаларидаги ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш бўйича мулоқот доирасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.

2023 йилга мўлжалланган тадбирлар жадвали, жумладан, Ўзбекистон-Япония вазирликлараро маслаҳатлашувларининг навбатдаги давраси кўриб чиқилди.

Ё.Хаяши Япония ишбилармон доиралари Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ижобий қабул қилиб, мамлакат билан ўзаро манфаатли алоқаларни, жумладан, ҳукумат томонидан суверен кафолатларсиз тўғридан-тўғри инвестицияларни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Бундай турдаги биринчи лойиҳа Сирдарё иссиқлик электр станциясида Япония компаниялари консорциуми иштирокида буғ-газли электр станциясини қуриш бўлади.

Ташриф доирасида ташқи ишлар вазири Япониядаги ватандошлар билан учрашув ўтказди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистоннинг Токио шаҳридаги элчихонасида Японияда таҳсил олаётган ва ишлаётган ватандошлар ҳамда Ўзбекистон-Япония муносабатларини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган япониялик фуқаролар билан учрашув ташкил этилди.

ўзбекистон, япония, ҳамкорлик

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Якунда муносабатларни ривожлантиришга фаол ҳисса қўшаётган ватандошлар ва Япония фуқароларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ташаккурномаларини топшириш маросими ўтказилди.