ДХХ тезкор-қидирув тадбирларида ижтимоий тармоқлар орқали «Тавҳид ва жиҳод катибаси», «Туркистон ислом ҳаракати» каби террористик ташкилотлар тарафдорлари таъсирига тушиб қолган 1999 йилда туғилган фуқарони аниқлади. Бу ҳақдаги хабар ЎзАда эълон қилинди.

Жиззахлик Х.Б. Россияга ишлаш учун кетган вақтида виртуал мулоқотларда Суриядаги вазият, «жиҳод» қилиш, у ерга бориш йўл-йўриқлари ва ҳаражатлари бўйича фикрлар алмашган.

Шунингдек, Telegram`да канал очиб, Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга даъват этувчи ҳамда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарғиб қилиш билан шуғулланган.

«2019 йил иш излаб Россияга чиққандим. Шуёқда интернет тармоқларидан фойдаланган вақтим террористик анақаларга [гуруҳларга] қўшилиб, шуларнинг маърузаларини мунтазам эшитиб келдим. Telegram`да уларнинг видео материалларини юклаб олиб, ўзим ҳар хил каналлар яратдим ва каналимга [видеоларни] ташлаб тарқатганман. Улар мени шу йўлга жиҳод қилишга тарғиб қилишган. „Агар сен келаман десанг, йўлни тахтлаб бераман“, дейишган. Мен буни маъқуллаганман. Сурияга бориб, жанг қилиш ниятим ҳам бўлган», — дея таъкидлаган у.

Россиядан қайтиб келгач, оила аъзоларига ҳам шариат қонунлари асосида яшаш кераклиги, Суриядагиларга ёрдам бериш лозимлиги ҳақидаги қарашларини сингдиришга ҳаракат қилган. Ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини ҳам давом эттирган.

ДХХ хабарига кўра, у Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман суди томонидан Жиноят кодексининг 159 (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244−1 — моддалари (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбдор деб топилди. Унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.